“Jamoat salomatligi va xavfsizligini ta’minlash maqsadida transmilliy narkotahdidlarga qarshi kurashish”
- 22.04.2026
- 0
Тадбир доирасида юртимизда ушбу соҳада олиб борилаётган ишларга доир кўргазма ташкил қилинган. Хусусан, ундан мамлакатимизда гиёҳвандликни эрта ташхислаш ва даволаш хизматлари борасидаги давлат сиёсати ва институционал ислоҳотлар ҳам кенг ўрин олган.
Кўргазманинг Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ташкил қилинган бўлмасида мамлакатимиз бўйича наркологик беморларга:
📎 тез тиббий ёрдам;
📎 шошилинч ёрдам кўрсатиш имкониятлари;
📎 инсонни гиёҳвандликка ружу қўйишидан анча аввал диагностика қилиш (скрининг, эрта ташхислаш) йўлга қўйилгани;
📎 даволашда инновацион технологиялардан, тиббий-ижтимоий реабилитацияда эса энг илғор психотерапевтик усуллардан фойдаланилаётгани атрофлича кўрсатиб берилган.
Бунда ресоциализация, яъни инсонни жамиятга саломат ҳолда қайтариш энг муҳим мезон қилиб олингани эътиборга лойиқ.
Кўргазма тақдимотида таъкидланганидек, юртимизда бу тизимни йўлга қўйиш учун биринчи ўринда норматив, ташкилий ва кадрлар таъминоти каби муҳим асослар яратилди. Шу билан бирга, ёрдам кўрсатиш маршрути ишлаб чиқилди.
Мазкур маршрут инсоннинг бу иллатга дучор бўлишидан анча аввал уни аниқлаш ва ёрдам кўрсатиш имконини беради. Шундан келиб чиқиб, айни чоғда бу борадаги ишларни янада кучайтириш, тиббий-ижтимоий реабилитация қамровини кенгайтиш ва мутахассисларнинг хориждаги етакчи марказларда малакасини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Шу маънода, мазкур форум халқаро экспертлар билан тажриба алмашиш ва юртимизда йўлга қўйилган наркология хизматини янада ривожлантириш имконини бериши билан аҳамиятлидир.